- -
- 100%
- +
– Салом бердик, – деди керилганнамо. – Ҳорманглар, қизлар.
Биз ҳамсоя қиз билан икковимиз бирга эдик. Ҳаво совуқ, қуруқ, рўмолларимизга ўраниб олгандик. Каналда озроқ оқиб турган сув юзаси яхлаган, ях тагидан милдираб оқаётган сув кўзга ташланарди.
– Алик олдик, – дедим мен кулганча.
– Бор бўлинг, – деб қўйди ҳамроҳим унга тикилганча.
– Шошилмаяпсизми, Ҳилола? – дея у менга яқинроқ келди. – Бирпас гаплашиб ўтирмаймизми?
Дугонам ўзини ортиқча сезгандай, аммо қизаринқираганча йўлини давом эттирмоқчи бўлди. Мен енгидан тортиб, уни тўхтатдим.
– Шошаяпмиз, – дедим кейин у болага. – Нимани гаплашамиз.
– Э, ҳар хил гаплар… У ёқ-бу ёқдан, – у довдираганнамо бир дугонамга кўз ташлаб, бир чап билагидаги ялтираб турган соатни ўйнаганча гапираркан, холи қолишимизни истар эди. Аммо бунинг сира иложи йўқ:
бутун қишлоққа, йўловчиларга кўз-кўз бўлишни қай-си қиз хоҳлайди. Лекин уни рад этгим ҳам келмас эди. Шундай эса-да, таранг қилдим:
– Лақиллаб ўтиришга вақтимиз йўқ.
– Сиз билан баъзан гаплашиб турсак демоқчийдим. Бу ерда бўлмаса, бошқа ерда… – у яна соатини ўйнаб, кўз-кўз қилди. Тан олиш керакки, бу атрофларда ҳеч ким бунақа соат тақмайди. Бунга ҳар кимда ҳам имконият бўлавермайди. Эҳтимол, шуни англатмоқчи, ўзининг бой эканлигини намойиш этмоқчидир.
– Соатингиз чиройли экан, – дедим мен уни гапга тутиб. – Неччи бўлди?
– Бир ярим! – деди у жонланиб ва шоша-пиша соатни сариқ занжири билан бирга билагидан ечиб олди. – Хоҳласайиз, шуни сизга бераман. Манг!
– Э, соатни нима қиламан! – деб юбордим ногоҳ. Дугонамдан уялиб кетдим-да.
– Соат яхши нарса. Шунга қараб, иш олиб борасиз.
– Хаа, шунақами? Уйимизда уйғотадиган будилнигимиз бор. Ўшанга қараб ишлаймиз.
– И-ҳа, – кулди у, – будилник қаёқдаю бу қаёқда! Бу – тилла соат.
– Ростдан тиллами? – дугонам ҳайратини яширолмай анқайди. – Йўғ-э?
– Соф тилла! Манг, олинг! – у соатни менга тутқазди. Соат чиндан ҳам оҳанрабо каби мени ўзига тортар-ди. Тўғриси, тиллани ҳеч қачон ўз кўзим билан кўрмаган, қўлимга тутмаган эдим. Шунинг таъсирида соатни олиб, унга диққат билан кўз югуртирдим: гардишиям, ичиям сап-сариқ; кичкина, нозиккина рақам кўрсатувчиси “чиқ-чиқ”лаганча айланиб, лаҳзаларни билдираяпти. Қуёшда ял-ял ёниб, кўзларни қамаштиради, кишини ўзига жодудай тортади. Қанийди шу ўзимники бўлсайди! Беихтиёр ютиниб қўйдим. Ахир ўзи тортиқ қиляпти-ку? Нега ноз қиласан?.. Олсанг… кейин нима бўлади?
– Қўлизга тоқиб олинг. Ҳар қараганизда мени эслаб қўясиз…
– А? – унга кулимсираб қарадим. – Жуда арзон эканку, бу матоҳингиз.
– Йўқ, бу жуда-жуда қиммат туради. Занжириям тилло! Ҳар кимгаям бунақаси насиб қилавермайди.
– Шунақами? Мен бунингизни бир сўмгаям олмийман, манг, – дея соатни унга узатдим.
– Ноз қилманг, Ҳилола, кейин пушаймон еб юрасиз.
– Ростданми? – дедиму соат занжиридан тутиб, канал сари қўлимни чўздим. – Шу мен учун қимматбаҳо эканми? Ана, қаранг, рўдга ташлаб юбораман.
– Ҳазиллашманг, Ҳилола, биламан, ундай қилмайсиз…– нечундир у титради.
– Қиламан, ана! – дедиму тилла соатни каналга улоқтирдим. Шу заҳоти у қуёш нурида ялтираб, ях устига чирссиллаб тушдию бир неча газ сирғаниб бориб, муз ёриғига кириб кетди. Лекин ўзим ҳам қўрқиб кетдим. Хаёлимда ҳозир келадию менга ташланади, бир неча шапалоқ туширади. Ана шармандалик, мана шармандалик!
– Вой, эси паст! – деб қичқириб юборди дугонам. Бола эса тилига бирор сўз келмай, қотиб қолган, ҳаракатланолмас, каналга тикилиб, жим турар эди. Шу дам миямга келган бир фикр мени дадиллантирди:
– Менга берилди, ўзимники бўлди, нима қилсам, ихтиёр ўзимда, а? Тўғрими?
– Тентак қиз… – дея у довдираганча пастга отилди, қалин тагчармлик туфлиси яхни қисир-кисир синдирганча, тўпиғига қадар сувга ботганча соатга талпинди.
Энди биз томошабин бўлиб қололмасдик, вақтни ғанимат билиб, жуфтакни ростлаб қолдик. Йўлда дугонам уришиб берди:
– Ўл-э, одам ҳам шунақа чарс бўладими?
– Нима қилишим керагиди?
– Тақиб олииб, савлат тўкиб юрмийсанми?
– Ҳоо… Одамнинг обрўйи шу соат билан баравар экан-да…
Бу воқеа қизлар орасида овоза бўлиб кетди. У йигит соатни топиб олган, тузаттирган, сотган. Ўзи ҳам шамоллаб, бир неча кун уйда даволанган. Аммо менга қорасини қайта кўрсатмади…
– Ҳа, у қорасини ҳам кўрсатмади. Ўзим ҳам қилғилиғимдан пушаймон еганим рост. Лекин… – Ҳилола “уф” тортди, бир нафас сукут сақлаб, дераза ойнасидан ташқарига тикилиб турди, пастки лабини қимтиганча яна пичирлаб гапиришда давом этди. – Лекин, кўп ўтмай, катта бир амалдорнинг чиройли қизига уйланди. Дабдабали тўй қилишди. Тўйда айтилган қўшиқлар бизнинг ҳовлимизга ҳам бемалол эшитилиб турди. Қўшиқлар мени масхаралаётгандай туюларди. Эшитмаслик учун қулоғимга пахта тиқиб олувдим. Бу қилиғимни ҳеч кимга сездирмаган эдим. Ғурурим бунга йўл бермас эди. Ўшанда… чарслик қилмаганимда, ҳаётим тамоман бошқача кечган бўлардими, қанчалар тентирашлар, ота-онаму акаю опаларимни қийнашлар юз бермасмиди? Балки, ҳозирги изтироблар тушимгаям кирмасмиди?..
Ҳар қалай, ёзда гумбурлаб, қуруқ ваҳима солган момогулдирак ўтиб кетгунга қадар, дастлабки икки-уч соатгача ҳаётимдан пушаймон эмас эдим. Босит билан бахтли бўлишимизга ишончим ортиб бораётган эди. Сувсизликдан чатнаб, нимжонлашган, эътиборсиз қолган, сўлғин картошка гулни эслайсизми? Бутун ёз бўйи ғужанак бўлиб ётиб, кузда, салқинроқда ногоҳ яшнаб очилади, кўзларни қувонтиради. Мен ҳам ўзимни худди ўшанга ўхшатардим. Майли-да, дердим ўзимга ўзим, кечроқ бўлсаям кимнидир хурсанд қилаётирман-ку…
Бироқ… кеч чоғи дарвоза тақиллади. Босит эринчоқлик билан бориб, калидни буради. Ким экан, деган хаёлда ойнадан қарадим. Ота-онасию янгалари аллақачон ичкари ҳовлига кириб кетишган. Бизни ҳовлидан биров йўқлаб келмадимикан? Дарров отамни эсладим. Соғмиканлар?..
Босит дарвозани очдию ҳеч нима демай, танқайиб тўхтаб қолди, йўқловчини ичкарига таклиф этмади. Ғўнғир-ғўнғир овозлардан ҳеч нимани англай олмадим. Сўнг Босит ташқари чиқиб, беш дақиқача кўздан ғойиб бўлгач, хомуш қайтди.
– Тинчликми? – кийинаётганини кўриб, беихтиёр ундан сўрадим.
– Ҳа, тинчлик, – деди палағданамо овозда. – Ўртоғларим. Бирор соатда қайтиб келаман. Кечиксам, бемалол ухлайверинг.
– Йўқ, ухламийман, келишизни кутиб ўтираман…
Бир соат? Қанийди! Икки соат кутдим, дарак йўқ. Икки соат мен учун жаҳаннам азобига айлангандир балки. Бир ерда ўтиролмийман: уйда юринаман; тикиш ўйлаб чиқараман; ойнадан бошимни чиқариб, шарпаларга, овозларга қулоқ тутаман. Наинки, унинг товуши эшитилса, дарвоза калидининг буралиши қулоғимга чалинса? Учинчи соат ҳам шошилиб ўтиб боряпти. Лекин… Нима қилсам экан? Ўзи хоҳламайгина кетди. Балки унча яқин жўралари эмасдир. Қайнанамга айтсамми? Уларни қўрқитиб юбормийманми? Бунга Босит қандай қарайди? Хуллас, таваккал қилиб, кутишга мажбур бўлдим.
Ниҳоят, дарвоза очилди. У ким биландир мастона овозда, кулганча хайрлашди. Довдираганча ичкари кирди. Титраб турибман. Тўғри, мастларни кўп кўр-ганман. Улар ҳар хил бўларкан. Ичкилик одамларни ҳар хил кўйга соларкан. Бироқ сен билан доимо бирга яшайдиган, энг яқининг ҳисобланмиш киши бу лаънати “юк”ни қандай кўтараркин: мулойимлашадими, қутирадими – қизиғи шунда. Хусусан, бадбўй ҳид чиқарадиган кимса билан бир тўшакда ётишни кўнглимга ҳеч ҳам сиғдиролмийман. Бу жиҳати қандай бўларкин? Бунақа ҳолатлар тез-тез юз берармикан ёки унга таъсир этиш қўлимдан келармикан?
– Ҳилола, жоним, – у эшикдан кириши билан бўйнимдан қучоқлаб олди, – кечир, ҳи-ҳи, шунақа бўлиб қолди, ҳи-ҳи, улфатлар…
– Кўп ичибсизми, Босит?.. – дедим қўрқа-пуса. – Аҳволизга қаранг.
– Аҳ-аҳволим ях-яхши… Сени соғиндим… – у яна мени қучиб, ўпишга уринди, қўланса ҳиддан нафасим қайтиб, ўхчиб юбордим. Ундан қочишга уриниб:
– Қатиқ ичасизми? – деб сўрадим. – Қатиқ фойда қилади дейдилар.
– Қа-қатиқ… Йўқ, керрак эмас, ўззинг керрак, – дея у мени тўшак сари тортди. Қўллари темирдай бақувват, чангалидан чиқиб бўлмайдигандай кўринарди. Уни шундай ҳолатда биринчи марта кўришим. – Сени ях-яхши кўрраман, Ҳилол…
– Хўп, – дедим ноилож. – Фақат бугун эмас, эртага гаплашайлик, майлими?
– Бугун-чи? – тўшакка ўтирганча ишшайди у. Мен кийимларини ечишга ёрдамлаша бошладим. – Бу- бугун… ҳи-ҳи…
– Бугун дамизни олинг… ана, ичимда болангиз безовталанаяпти.
– А? Боламиз… ҳи-ҳи… боламиз бўлади, боламиз… боламиз… – у бошини ёстиққа қўйди, шу сўзларни яна тамшаниб, бир неча бор айтдию ухлаб қолди. Кўнглим таскин топган эса-да, мижжа қоқолмадим: каравот ёнида, пастда мук тушиб, гиламда ғужанак бўлиб ётдим. Тагимга кўрпача ҳам тўшамадим, ёстиқ ҳам олма-дим. Тез-тез унга қараб қўяман. Хаёлимда бирор нима бўлиб қоладигандай туюлади. Ундан тарқалаётган исга эса чидашим қийиндай. Шавқи акам кўп ичган вақтларида шунақа ҳидлар ғашимга теккан. Аммо буники бошқачароққа ўхшайди. Қанақалигини тушунтиролмийман. Буни кейинроқ билиб қолдиму жонимга ўт кетди. Унгача эса…
Қизиқ, сал кечроқ бўлса-да, у эрталаб хушнуд кайфиятда уйқудан турди. Кўп ичган одамларга ўхшаб, ланж, афти эзгин, синиқ ҳолатда кўринмади. Ўзини қувноқ тутишга уринди. Ҳатто қилғилиғидан уялиб:
– Ножўя бирор гап айтмадимми? – деди қизаринқираб.
Индамадим, аразлаган каби четга қарадим.
– Сизни хафа қилдимми, а? – шошганча у билагимдан тутиб, кўзларимга тикилди.
– Ҳи…– дедиму кўзларимдан томчилар думалаганини сезмадим. Овозим титраганча тилимдан шу сўзлар учди. – Қўрқиб кетдим.
– А? Нима дедим? Сўкиндимми?
– Йў-йўқ… Ўзим… Худди бир нима бўлиб қолишиз мумкиндай…
– Ҳаа… Ундай бўлса… Хайрият, хафа қилмабман, – у хурсанд бўлиб, қарсак чалиб юборди.
– Энди ичманг, хайми?
– Хай, ичмийман. Қани, энди туринг, хафа қилганим эвазига сизни биир хурсанд қилай, – дея у аввал чўккалади, кейин иккала кафтини ерга тираганча бошини эгди.
– Бу нима қилганиз? – ҳеч нимана тушунолмай, анқайдим.
– Бу – от бўлганим. Қани, мининг, – у ёнимга келиб, бошини силкитганча, паст овозда отдай кишнади:
– Ҳии-ҳии-ҳиии… Мининг деяпман.
– Йў- йў, қўрқаман.
– Менданми? Отданми?
– Отдан, – қиқирлаб кулдим.
– Қўрқмаа, мен – одам отман, сени отингман, – дея биринчи маротаба сансиради у мени.
– Э, йўғғ…– ярим қийшайганча кафтларимни юзимга босдим, – уяламан.
– Уялма.
– Ахир мумкин эмас эрни устига миниш.
– Оббо, мин дедимми, мин-да! – у нохосдан бақирди, кўзларини олайтириб, менга қаради. – Ўзим айтганимдан кейин минасан-да!
Чўчиб тушдим. Аввал ўйлаганларим – сароб тўсатдан йиртилиб, чақчайган, ғазабли башара ўз қиёфасини намоён этди. Қўрқувдан дарҳол устига минишим аниқ эди. Лекин мушоҳада шошилтирмади: қўрққанимни сездирмаслик учун иккиланган каби бир қадам ташлаб, бир тўхтаб, қорним ила устига секин ётдим.
– Ўзи эшак-пешакка сира минганмисан? – у кулди.
– Йўқ, яқинигаям йўлаганим йўқ. Ҳатто инак1дан ҳам қўрқаман.
– Вўў, роса одамига йўлиққанаканман. Ким айтади сени қишлоқда туғилиб, қишлоқда яшаган деб. Қани, қаддингни тикла, чу отим, де. Бўлақол, – у иккала қўли ва тиззаларини ерга тираганча хона бўйлаб, гир айлана бошлади.
– Чу, отим, – дея куламан. У қора терга ботди, шундай бўлса-да, сир бой бермади. Ниҳоят, тўхтади. Секин тушган эдим, шаппа белимдан тутдию қучоқлаб олди:
– Кўнглинг жойига тушдими?
– Тушди, тушди, бас, – деганча ундан қутилишга уриндим. Бадбўй ҳид кўнглимни беҳузур этарди. – Фақат…
– Нима фақат?.. – у мени қўйиб юбориб, кўзларимга тикилди.
– Энди ичмасангиз бўлгани…– дея сочларини секин сийпалаб қўйдим.
– Майли, бунақа ичмайман. Хурсандмисан?
– Болангиз ҳам хурсанд бўлади.
– Сен-чи?
– Мен ҳам.
– Бўпти, – дея у ишга отланди.
Билмадим, бу шунчаки ёлғон ваъдамиди ёки ўз сўзида туролмайдиган бебурд кимсамиди, ўйлаб, ўйимга етолмийман. Хурсандлигим икки кунгина давом этди. Бутун хонадон бахтиёр эдик. Қайнанаму қайнатам ҳам менга эҳтиром ила қарашарди. Иложи борича ишларимга кўмак беришди. Нега бундайлигини ўйлаб, ҳеч нимага ақлим етмайди. Ўша куни эса кўзим мошдай очилди…
13. ЮЗ ҚАРОЛИК
Роҳила эрига тайинлаган: “Қайтишизда бир кило яхши пиширилган балиқ олиб келинг. Ҳилолани кўришга бораман”. Рауф тонгдаёқ чиқиб кетади, икки соатча кира ишлайди, сўнг уйга қайтиб, нонушта қилади. Ана, унинг йиртиқ-ямоқ, рангги ўчиб кетган “Москвич”и дераза рўпарасида тўхтади. Салдан кейин иккита япалоқ нон ўртасига қўйиб, газетга ўралган балиқни кўтарганча уйга кирди. Хонага балиқнинг ўзига хос, Роҳила ўрганиб қолган ёқимли иси урилди.
– Вой, кўп олиб юборибсизми?
– Ўзимиз ҳам ейлик-да. Мўйловнинг балиғидан олдим. Сазан.
– Уники қимматроқ юрарди-ку, отаси? Кирайиз тузукроқ тушдими, дейман?
– Гап кирада эмас. Бир жойга борганингдан кейин қурумсоқ бўлиб бормаслик керак-да.
– Бу гапиз тўғри, отаси, – деди қувончини яширолмай Роҳила. – Қайнанаси бир нима демасаям, барибир кўнглида ўйлайди.
– Йў, улар ҳар қанақа гапни кўтариб юрмайдилар. Қайнатаси хурсандга ўхшайдики, менминан қуюқ сўрашадиган бўлиб қолди.
– Ҳилола юрган йўлини тозалаб юради.
– Иш қилиб, ўзи тузукмикан? – негадир ўсмоқчилаб сўради Рауф.
– Бинойидай эди. Ҳеч нимадан шикоят қилмовди. Бирга юрақолинг.
– Э, – Рауф қўл силтади, – мени сургаб нима қиласан? Аввалги куни божамни кўрувдим, – негадир унинг овозида ташвиш, хавотир бор эди.
– Хаа, яхшийканми?
– Билмадим. Кайфи бор эканми, менга эътибор бермади ё кўрмади.
– А? Маст эканми? – Роҳиланинг кўзлари каттарди, кўнглига ғулғула тушди. Унинг ҳадиксирашида жон бор: кейинги вақтларда баъзи бир танишларидан куёв ҳақида ҳар хил гаплар эшитган, агар ўша гаплар рост чиқса, синглисининг аҳволи не кечишини, бунинг устига номзодни “яхши ўрганган” ўзининг ҳам маломатларга қолиши мумкинлигини тез-тез ўйлар эди. Афтидан, Рауф ҳам анча-мунча воқеалардан хабардор кўринарди.
– Мастлигидан кўра унинг улфатлари менга ёқмади.
– Ёмон одамларми?
– Яхши бачалар эмас. Иккитаси шишкаларнинг эркаси.
– Ўшалар билан у жўра бўлгани тузук эмасми, отаси?
Рауф кулди. Бундан Роҳиланинг жаҳли чиқди:
– Нимага куласиз?
– Ўшалар ғирт безори, ҳаммани жонига теккан нашаванд бўлса, нимасига ҳавас қиласан?
– Нашаванд? – Роҳила ишонмаган каби қошларини кўтариб, унга саволчан тикилди. – Кўкнори ичишадими?
– Кўкнориймиш… Қорадори демайсанми?
– Вой ўлай… – Роҳила беихтиёр курсига ўтириб қолди. Залворидан сал бўлмаса курси ағанар, у ҳам орқага йиқилиб тушарди. Эри тутиб қолди.
– Балки божам қорадори ичмас, бошқаларга топиб берар…
Рауфнинг кейинги сўзларини Роҳила эшитмади. Энди унинг кўзига эри чиройли бўлаклаб қўйган балиқ ҳам кўринмади, томоғидан чой ҳам ўтмади.
* * *Опасининг бемавруд келиши Ҳабибани ажаблантирди. У кўпинча эри билан, унинг машинасида тўлиб-тошиб келарди, бир-икки соат ўтириб, тезда қайтиб кетар эди. Бу сафарги кўриниши ғалатига ўхшаяпти. Опагинасининг кўзлари киртайган, юзи ҳам лимон пўстидай сарғайибди.
– Тобиз қочувдими, опа? – уйга кирар-кирмас Ҳабиба ундан сўради. – Яна ёлғиз келибсиз? Язнам қани?
– Ҳа, тобим йўқ, Ҳаби, – Роҳила синглисини қайта бағрига босиб, йиғлаб юборди. Ҳабиба қўрқиб, қорачароқ юзлари бўз тусини олди, қўллари шалвираб, пастга тушди. Буни Роҳила пайқамагани ҳолда ҳиқиллаб, сўзида давом этди. – Бундай юргандан ўлганим яхшийди.
– Тўхтанг, опа, тузукроқ гапирсайиз-чи, одамни қўрқитиб юбордиз, қанақа касалсиз? – у опасининг ёшли кўзларига синчиклаб қаради. – Қаериз оғрийди?
– Э, мен-ку, балони ўқидайман…
– Язнам билан уришдизми?
– Йўқ, Ҳилола… – Роҳила яна тўлқинланиб, фикрини айтолмади.
– А? Ҳилолага нима бўлди? Наҳотки бачасига бирор нима бўлган? – Ҳабиба аввалгидан ҳам бадтар қўрқиб, опасига анқайиб қаради.
– Ўзиям тузук, бачасиям яхши, фақат куёвимиз нобоп чиқди, – Роҳила яна кўзёшларини оқизди. – Шунга бош қўшмай ман ўлай…
– Нобоп? Уришқоқ эканми? Ароқхўрлиги ростмикан, опа?
– Ароқхўрдан ҳам баттар… Гиёҳванд-банги экан.
– Вой ўлай… – Ҳабибанинг бошига кимдир каттакон тош билан туширгандай гангиб қолди. Бир неча сония тилига ҳеч бир сўз келмай жим қотди. Жуда мушкул аҳволга тушиб қолгандай кўринарди у. – Вой шўрим… Туш кўрмаяпманми, опажон?
– Кеча хабар олгани борувдим, йиғлаб, ёпишиб олди. Анча вақтгача гапиртиролмадим…
– Уриб, бирор ерини шикаст қилмабдими ишқилиб?
– Йўқ, урмаган, сўкмаган.
– Унда… – Ҳабиба каловланди, – қандай билибди гиёҳвандлигини? Ўзи айтиб берибдими?
– Ўзи ўлгур ўша загсга борганида хумор тута бошлаган пайти экан. Ўша учун рангги, кўзи Ҳилолага бежо, ёмон кўринган. Тайсаллаб, пиёнистага ўхшайди, қайтаринглар, деб йиғлавди. Зўрға кўндирганмиз, эсингда бўлса…
– Буни менга айтмагансиз, опа.
– Ҳа, овоза бўлмасин, гап кўпаймасин, деганмиз-да… Шериклари яқинда уни олиб кетиб, ичиришган. Икки-уч кундан кейин хумори тутган. Аввал оз-оздан ичиб юраркан, кейин кўпайтирган. Хумори тутса, жуда хунуклашаркан…
– Киноларда кўрсатганидай, денг…
– Ҳа-ҳа, ўшандай… Рангги-қути ўчиб, титраб-қақшаб, нима қиларини билмай тўлғонган…
– Ҳм… – Ҳабиба лабини тишлаб, ўз чаккасига шапалоғини урди. – Даҳшат… Қанийди бу гаплариз туш бўлиб чиқсайди…
– Ўртоқлари олиб кетган кеча маст бўлиб келган, жуда қувноқ бўлган, эртасига ичгани учун кечирим сўраган, энди ичмасликка ваъда берган…
– Унақаларда ваъда бўладими, опа? Хумори тутганда минг ёлғонни тўқиб ташлайди, кўзига ҳеч нима кўринмайди, дейдилар.
– Шунақайкан. Уйда Ҳилолага бериб қўйган беш минг сўм пули бор экан. Ўшани сўраб олибдию чиқиб кетибди. Баданидан ғалати ҳид сезиб, Ҳилола ундан ҳадиксирабди. Нималигини сўраса, кулибди, арақ ичганини бўйнига олибди. Қасам ичиб, энди оғзига олмасликка сўз берибди.
– Сўз бермай ўлсин, худоё… Кейин-чи?
– Ҳилола йиғлаб, бу ҳолатни қайнанасига айтган, бошқача исдан гумонсираганини билдирган.
– Бечора онаизор, ҳеч нимани билмаса керак-да.
– Мен шундан хафаман-да! – Роҳила тутақиб кетди. – Онасиям, отасиям биларкан.
– Вой ифлослар! Шунчалик ҳам инсофсизлик бўладими? Била-кўра бировнинг гулдай қизини оловга тортадиларми? Уларни яхши одамлар деб мақтовдилар-ку?
– Бизаям шу мақтовларга учганмиз-да. Кимдан сўрасак, яхши гаплар айтган. Бир хиллари ҳеч нима демаган – билиб туриб, ўзини билмаганга солган.
– Хай, Ҳилолага қайнанаси қандай важ кўрсатибди?
–“Уйланса, тузалиб қоларми, девдик, яна ичибдими, жувонмарг”, деб қарғаниб қўйибди.
– Қарғанмай ўлсин, худоё… – деди Ҳабиба йиғламсираб. – Хай, энди нима қиламиз?
– Шунга бошим қотиб, сенга келдим. Ҳилола кўрди қилишимизга кўнмади.
– Кўнмагани тўғри… – Ҳабиба бир оз ўйга чўмди. – Хўшш… Энди…
– Язнангниям боши қотган. Уни сал-пал биларкан…
– Э, опа, язнамга қойил қолмадим. Биларкан, нимага айтмаган? Нима, Ҳилолада қасди бораканми?
– Ҳовлиқма, Ҳабиб, уни бунақа нағмаси борлигини билмаган. Бир-икки марта оёқ кийимларимизни ундан тузаттириб олган.
– Бари бир язнам тузукроқ суриштирсалар бўларди-ку?
– Бўлар иш бўлган, энди гина-кудуратни ўрни эмас. Иккаламиз бориб, Босит куёвни ўзи билан биир гаплашиб кўрмаймизми?
Ҳабиба бурнини жийирди:
– Пфу, бизани гапимиз билан сонга кирадими у аҳмоқ! Йўлга солса, ота-онаси йўлга соларди.
– Тўйдан аввал отаси билан акаси дарахтга боғлаб олиб, урган эканлар. Мана, таъсири қанчага етган.
– Унда, опа… – Ҳабиба қовоғини ўйганча жимиб қолди, кейин миясига келган фикрни айтди: – Якшанба куни қишлоқда йиғилсак… Катта акамниям чақирсак… Балки тузукроқ маслаҳат чиқар.
– Сираям бўлмайди, – қатъий эътироз билдирди Роҳила.
– Нимага бўлмайди? Ҳилолани тақдири ҳаммамизга тегишли эмасми?
– Ҳилола ялиниб илтимос қилди. Бу воқеани ҳеч ким билмаслиги керак эмиш.
– Ҳилола бекорларни юзтасини айтибди.
– Ҳатто у бу ёққа келганимни, сенга айтганимниям билмайди. Билса, хафа бўлиши аниқ.
– Қизиқ экансиз, опа, нима, мен бегонами? Ёки ўгай опаманми? – Ҳабибанинг жаҳли чиқди. – Сизга айтадию нимага менга айтмайди?
– Шунақа дейишинг кўнглимга келувди-я, – Роҳила йиғламсираб, бош тебратиб, яна синглисини қучоқлади. – Мен ёнгинасидаман, айланай сендан, ноилож, ичига сиғдиролмай айтди. Лекин овоза бўлиб кетишидан жуда қўрқаёпти.
– Нималар деёпсиз, опа! – куйиниб деди Ҳабиба. – Балки аллақачон овоза бўлиб кетгандир ҳам. Фақат биза билмасмиз. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, дейдилар-ку! Нима, индамай ўтирииб, томошабинлик қиламизми?
– “Ўзимга қўйиб беринг, опажон” деб ялинди-да. Ўзи ҳаракат қилармиш…
– Йўқ, опа, бу унинг қўлидан келадиган иш эмасда, ўзига ташлаб қўйиб бўлмайди-да. Сизни билмадим, мен қарааб ўтирмийман.
Роҳиланинг юраги сиқилди: у икки томонлама бостириб келаётган аланга исканжасида қовриларди. Ҳилолага ваъда берган – ҳеч кимга айтмайди, аммо ундан хабардор бўлиб туради. Мана, оғзи бўшлик қилди – эрига ҳамда Ҳабибага айтди. Энди ҳамма эшитади: овозаю дарвоза. Роҳила синглиси олдида нима деган одам бўлади? Унинг юзига қандай қарайди? Яна… оғайниларини ҳам олов гирдобига тортқилаяпти, уларни ҳам қийин аҳволга солаяпти. Шошма-шошарлик қилдими? Қайси олов томон юрса, куймай осон қутилади… Вой, худойим-ей…
– Сениям ташвиш оловига тортдим, Ҳабибжон, – деди кўзларидан шашқатор ёш оқизиб Роҳила. – Менгина ўлай…
– Тўғри қилдиз, опа. Биза аввал сизни ҳамда Заҳри акамни гапига инониб, Ҳилолани тақдирига бефарқ қарадик. Энди хатомизни тузатмасак бўлмайди.
– Қанийди тузатолсак… Ҳилолани олдида юзим қаро бўлди…
14. ЯНА ДИЛНИ ҚИРОВ БОСДИ
Роҳила сирни Ҳабибага айтиб, тўғри қилдимми, яна хатога йўл қўйиб, Ҳилола олдида уятли бўлдимми, деганча ўз уйида хуноб ўтирарди. Буни Ҳилолага айтсинми? Боз устига, ўз зиммасига олган масъулият юки ҳам уни тобора эгилтириб борар эди гўё. Ахир “кўрди” ҳақидаги хабарни отасига, акаларига етказиши зарур. Уни кутишяпти. Баҳриддин бу хусусда катта акасига ҳам билдириб қўйибди. Узоқдаги кишини ташвишларга қўйиш яхшими?
У шундай фикрни хаёлидан ўтказиши ҳамоноқ телефон давомли жиринглади.
– Роҳила, ўзингмисан, синглим? – Нуриддиннинг юмшоқ овозидан у тўлқинланиб кетди.
– Ассаломалайкум, акажон, – деди шоша-пиша Роҳила. – Сизни ўйлаб ўтирувдим. Соғлиғиз яхшими? Янгам, жиянлар…
– Ҳаммамиз тузукмиз, – қисқа гапиришга уринди акаси. – Ҳилолани, отамни кўп тушимда кўраяпман.
– Улардан хотиржам бўлинг, ака, яхши юришибди.
– Ҳилолага сим қоқсам, ҳеч ким дастакни кўтармаяпти. Нима гап экан, бирор нимани биласанми?
– Шунақайканми? – деб юборди бехосдан Роҳила. Аммо ростини сўзлашга тортинди. Йўқ, айтолмайди, акасини ташвишлар уммонига итармайди. Ахир қандай қилиб, Босит телефонни атайлаб узиб қўйганини сўзласин! – Э-ҳа, Ҳилола айтувди-я, тилпонлари бузилганмиш. Балки қаеридадир сими узилгандир.
– Хаа, ундай бўлса, майли, тез-тез хабар олиб тур.
– Бўлмасам-чи, уни ёлғиз қўярдимми! Бугун ҳам ўтсаммикан, деб турибман.
– Мендан салом айт, узр сўра, боролмаяпман. Иложи борича, “кўрди”га боришга ҳаракат қиламиз.
– Унча шошилмасангиз ҳам майли, ака, Ҳилола енгил бўлганидан кейин, бирваракайига боришимиз тузукдай кўриняпти.
– Хаа, шунақами? – Нуриддин бир лаҳза ўйланиб туриб, фикрни маъқуллади. – Майли. Аммо… Роҳила…
– Лаббай, акажон!
– Ўзинг аёллар ҳамшираси… доимо кўз-қулоқ бўлиб турсанг…
– Бўлмасам-чи, бутун диққатим ўшанда.
– Ҳозир туғриқдаги аёллар ўлими жуда кўпайган. Бунинг устига, Ҳилола жуда кам овқат ейди, қони кам… Яна… катта ёшда фарзанд кўраяпти…
– Э, ака, шуларниям ўйлайсиз-а, кўнглиз хотиржам бўлсин. Бу ёғини ўзимга қўйиб беринг.
– Отамга қийинчилик туғилмаяптими ишқилиб?
– Отамни биласиз, жуда хурсандлар.
– Энди Карамгулга рақобат йўқ. Тузук эътибор бермайдими, деб ташвишдаман.
Рақобат хусусида Роҳила ўйлаб кўрмаган эди, буни хаёлига ҳам келтирмаган. Акасининг ташвиши унга ҳам юқди. Шундай эса-да:
– Отамни биласиз-ку, ака, уни ўз ихтиёрига ташлаб қўймайдилар, – дея акасини тинчлантиришга уринди. Дастакни қўйганидан кейин кўнгли алланечук бўлиб, хуноби ошди: “Ҳа, акамни ташвишида жон бор. Аввал Ҳилолани ёмон кўрсатиш учун у отам теварагида парвона бўларди. Энди… Хабар олиш зарур…”
Аслида у бугун Ҳилолага кўриниш бермоқчи, Ҳабибанинг фикрини унга етказмоқчи эди. Ҳабиба билан муроса қилиш қийин кечди. У сўзида қатъий туриб олди. Фақат бош ҳовлида яна маслаҳатга йиғилишни, бу муаммони кўндаланг қўйишни кейинроққа қолдиришга аранг кўндирди. Вазиятга қараб иш тутилади. Шундан кейин Роҳила шаҳарга ўтиб, оғайниларини “кўрди” бобида огоҳлантирдию куёв бола хусусида миқ этмади. Энди қишлоқдагиларни хабардор қилиш…
Дарвоқе, отасининг ёнига қуруқ борадими? Ёнидаги бор пулини сарфлаб бўлган. Эридан пул сўраш… э, йўқ, маошчи бўлатуриб, ҳамма оғирликни унга юклайвериш – яхши эмас. Лекин…
Худди шу чоғ дераза ортидан машинанинг оҳиста тўхтагани эшитилди. Роҳила нечундир қувониб кетди, эшик дастаги тортилмасданоқ уни ўзи очдию кириб келган эрининг авзойига қаради. Негадир Рауф хомушдай туюлди.






